ВАКЦИНАЦИЯ – ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРДАН АСРАЙДИ
Вакцинация – эмлаш орқали бир қатор юқумли касалликларнинг олдини олишда асосий восита ҳисобланади. Фақат профилактик эмлаш туфайли дифтерия, полиомиелит, қоқшол, кўкйўтал, сил, паротит, грипп, қутуриш, бактериал менингитлар билан касалланиш ҳамда ушбу касалликларнинг асоратидан сақланиш мумкин.
Юқумли касалликлар билан касалланишнинг асорати умрбод ногиронликка, ҳатто нобуд бўлишга олиб келади.
Полиомиелит – марказий асаб тизимини зарарлайдиган юқумли касаллик. Вакцина яратилгунга қадар минглаб болалар ушбу касаллик билан касалланган. Касаллик асорати мушакларнинг фалажланиш, ногиронликка олиб келади ва беморни бир умрга яроқсиз қилиб қўяди. Эмлаш – болаларни полиомиелитдан ҳимоялашнинг ягона воситаси бўлиб қолмоқда.
Қизамиқ – болалар орасида энг кўп тарқалган касаллик ҳисобланади. Кўпчилик ота-оналар қизамиқни унчалик хавфли касаллик эмас деб унга кўп эътибор бермайди. Лекин қизамиқ жуда оғир асоратлар қолдириши билан хавфли. Авваллари қизамиқ касаллиги асоратидан минглаб болалар нобуд бўлиши кузатилган. Эмлаш қизамиқдан асрашнинг энг ишончли усули.
Дифтерия – ҳаёт учун хавфли бўлган юқумли касаллик. Дифтерия қўзғатувчилари кўпинча бодомча безларида кўпаяди. Бу баъзан ангина аломатларига ўхшайди. Дифтерияга чалинган беморнинг врачга кеч мурожаат қилиши махсус давонинг кеч бошланиши жуда хавфлидир. Яъни 10 фоиз ҳолатда нобуд бўлишга олиб келади. Ана шуларни ҳисобга олиб ангина бўлиб қолган ёки товуши ўзгариб (трахеит) қолган бемор зудлик билан шифокорга мурожаат қилиши зарур. Касалланишнинг олдини олиш мақсадида соғлом болалар икки ойликдан бошлаб режали равишда дифтерияга қарши эмланади. Жадвалга мувофиқ кўрсатилган муддатларда эмланган болалар эса касалликдан яхши муҳофазаланади.
Қоқшол – юқумли касаллик. Қоқшол билан янги туғилган чақалоқдан тортиб ёши улуғ инсонлар ҳам оғриб қолиши мумкин. Қоқшол микроблари тупроқда бир неча йилларгача сақланади ҳамда одам очиқ жароҳатланганда қоқшол микроблари танага ўтиб, касаллик пайдо қилади. Кўп ҳолларда шифокорга ўз вақтида ёки кеч мурожаат қилиш натижасида марказий асаб тизимининг шикастланиши ва юрак нафас тизими мушакларининг параличидан нобуд бўлишга олиб келади. Ҳозирги вақтда режали равишда болаларни икки ойликдан бошлаб қоқшолга қарши эмлашнинг мунтазам олиб борилиши натижасида ушбу касаллик келиб чиқмаслигига эришилди.
Кўкйўтал – болалар орасида тез-тез учраб турадиган касалликлар қаторига киради. Касаллик асорати пневмония ва энцефалопатия ривожланиши билан хавфли ҳисобланади.
Гепатит В – юқумли вирусли касалик. Ушбу касалликнинг асорати жигар раки ёки циррозга сабаб бўлади.
Ҳозирги вақтда 9 миллион аҳоли сил билан касалланиб, шундан 3 миллион аҳоли ҳар хил асоратлардан нобуд бўлмоқда. Мамлакатимизда янги туғилган чақалоқларни ҳаётининг дастлабки 3-кунида силга қарши эмлаш билан силдан ҳимоялаш тадбири олиб борилмоқда.
Шу ўринда ҳозирги вақтда амалиётда ишлатилаётган вакциналар Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти сертификатига эга, хавфсиз ва самарали ҳисобланишини таъкидлаш жоиз. Республикамиз соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли ва болаларни хавфсиз иммунизациялаш тизими яратилган.
Ҳурматли ота-оналар ўз фарзандларининг соғлигига бефарқ бўлмаслиги керак. Боланинг юқумли касалликдан асрашда ягона бўлган восита – эмлатишни унутмаслик лозим. Фақат эмлаш туфайли Сиз ўзингиз ва сизга яқин бўлган инсонлар – болажонларни юқумли касалликлар ва уларнинг асоратидан асрашингиз мумкин.