22дек

МЕНИНГИТ КАСАЛЛИГИ ПРОФИЛАКТИКАСИ

Менингит – бош пардаларининг ўткир яллиғланиши билан кечадиган юқумли касалликдир. Менингитнинг ҳар қандай тури болаларнинг эрта болалик даврида кўп кузатилиб, оғир ва ҳар хил асоратлар билан кечади. Катта ёшдагиларда менингит кам учрайди ва бироз енгил кечади.
Сабаблари
Менингитлар этиологиясига кўра 2 гуруҳга бўлинади; булар вирусли ва бактериал менингитлардир. Ўтказилаётган илмий текширувлардан маълумки, ҳозирги вақтда айрим давлатларда вирусли менингитлар кўпроқ учрамоқда. 
Бактериал табиатли сероз менингитлар бирламчи ва иккиламчи бўлади. Уларни бактериал флоралар келтириб чиқаради.  Менингококк, пневмококк, гемофил тайёқчаси, стрептококклар, стафилококк, сил, бруцеллёз, сальмонеллёз, дизинтерия, қорин тифи таёқчаси бактериал менингитларни чақиради. 
Белгилари
Тўсатдан беморнинг тана ҳарорати 390С-40°С гача ошади, кучли бош оғриғи пайдо бўлади, кетма-кет қусади, боши орқага қайрилиб ётиб қолади.Болалар бошини тута олмай қолишади. 
Баданига касалликни чақирган қўзғатувчининг турига қараб ҳар хил тошмалар тошиши кузатилади. Бироз вақт ўтмай бола хушини йўқотиб комага тушиши ёки тутқаноқ хуружлари кузатилиши мумкин. Бир қарашда мазкур беморларга ташхис қўйиш осондек кўринади.
Ёрдам кўрсатиш кандай олиб борилиши керак ?
Зудлик билан “Тез ёрдам” чақирилади ва бемор шифохонага олиб борилади. Беморлардаги мазкур касаллик белгилари ривожланганда, касалликнинг сабабини билмасдан туриб, хеч қандай дори воситалари қабул қилмаслик лозим. Бемор ётган уй дезинфекция қилиниши ва оила аъзолари врач текширувидан ўтиб назоратга олиниши лозим.
Менингит касаллигига чалинмаслик учун нималарга эътибор беришимиз лозим?
1. Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш.
2. Ҳар бир овқатланишдан олдин албатта қўлларни совунлаб ювиш лозим.
3. Суюқликлар (сув ва бошқалар) ичиш учун шахсий идишга эга бўлиш ва бу идишни бошқа шахсларга фойдаланиш учун бермаслик керак.
4. Агар табиат қўйнида дам олиш ёки бошқа мақсадларда бўлинса, ҳар хил хашоратлар чақишидан (ҳар хил турдаги касаллик юқтирувчи чивинлар) ҳимояланиш чораларини кўриши керак.
5. Организмнинг иммунобиологик қувватини ошириб бориши, тўғри ва оқсилларга бой овқатланиши ҳамда дам олишни ташкил этиш.
6. Мавсумга хос кийиниш.
7. Ҳар қандай бош мия шикастланишларига хос белгиларни сезган захотиёқ зудлик билан шифокорларга мурожаат қилиши лозим. Бу холатларда ўзбошимчалик билан даволанишларга йўл қўймаслик мухимдир.
8. Организмдаги айниқса юқори нафас йўлларидаги ҳар қандай яллиғланишлар ва сурункали касалликларни ўз вақтида даволатиши керак.
9. Албатта ҳар бир ёшга хос ва касалликларга қарши давлатимиз томонидан ўтказилаётган профилактик эмлашларни ўз вақтида кечиктирмасдан олинишига алоҳида эътибор берилиши лозим.