17ноя

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

          Ижтимоий тармоқларда  “Хонқа туман “Деҳқон бозори” юзасидан тарқалган материал юзасидан расмий муносабат
      Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 28.08.2012 йилги №253-сонли қарорига асосан, бозорлардаги бино ва иншоотларга эгалик қилиш, уларни техник ҳолатини яхшилаб бориш, бозорларда сотувчи ва харидорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бозор маъмурияти мажбуриятларига юклатилган.
       Амалдаги қонунчиликка кўра, санитария эпидемиология хизматлари томонидан деҳқон бозорларида 6 ойда бир марта текширишлар ўтказилиши белгилаган.
      СЭО ва ЖСХ Хоразм вилоят бошқармасининг Хонқа туман бўлими томонидан 2022 йил давомида “Хонқа дехқон бозори” МЧЖда санитария қонунчилиги ижроси юзасидан 2 маротаба текшириш  ўтказилган. 
Ижтимоий тармоқларда тарқалган бозордаги ҳолат ва бошқа аниқланган санитария қонунбузилишлари юзасидан деҳқон бозори раисига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, суд тартибида 2 маротаба маъмурий чоралар кўрилган.
Бундан ташқари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси Хонқа туман бўлими томонидан олиб борилган назорат тадбирлари давомида белгиланган талаб ва қоидаларга амал қилмасдан савдо қилган 8 нафар фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган. Сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган 644.6 кг озиқ-овқат маҳсулотлари савдодан олинган. Амалга оширилган ишлар бўйича юқори турувчи органларга тақдимнома ва ахборот хатлари мунтазам бериб борилган.
Ҳозирда бозор ҳудудида тўпланиб қолган чиқиндилар  Хоразм вилояти “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Хонқа туман филиали ҳодимлари томонидан олиб кетилган бўлиб, бозорнинг санитария ҳолати  қониқарли даражада ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Хоразм вилояти Хонқа туман бўлими  ходимлари  томонидан назоратга олинган.