РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Ижтимоий тармоқларда болалар орасида мавсумий ўткир респиратор вирусли касалликларга ўхшаш, лекин ич кетиш ва қайт қилиш симптомлари бўлган инфекция тарқалаётгани билан боғлиқ хабарлар эълон қилинмоқда. ⬇️ Ушбу ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
🩺 Сир эмас, ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир респиратор вирусли инфекциялар мавсумий характерга эга бўлиб, кузда ҳарорат пасайиши билан касалланиш кўрсаткичлари бирмунча ортади.
📆 Кузатувларга кўра, шамоллаш мавсумининг бошланиши одатда август ойи охири ва сентябрь ойига тўғри келади. Жорий йилда эса бу муддат бироз кечроқ — октябрь ойининг охирги 10 кунлигида бошланди. Яъни бу ижтимоий тармоқларда айтилаётганидек, ҳеч қандай ғайриодатий ҳолат эмас.
🔬 Баъзида респиратор белгилар йўталиш, аксириш, бурун ачишиши, тана ҳарорати кўтарилиши билан кузатилса, айрим беморларда ошқозон-ичак тизимининг бузилиши тарзида намоён бўлади. Демак, бу хасталиклар ҳар доим ҳам бир хил кечмайди ва мазкур ҳолат вируснинг штаммлари билан боғлиқ.
❌ Яна бир муҳим жиҳатни эсдан чиқармаслик керак. Бир пайтнинг ўзида бактериал ва вирусли инфекциялар авж олиши қайд этилмайди. Яъни микроорганизмлар оламида шундай бир жараён борки, бири иккинчисининг кўпайишига йўл қўймайди.
✅ Мавсумий респиратор касалликлар авж олишини коронавирус мутацияси сифатида баҳолаш ҳам мутлақо ўринсиз. Қолаверса, бугунга келиб COVID-19 оддий респиратор инфекцияга айланиб улгурган. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда коронавирус бўйича вазият барқарор.
📌 Айтиш жоизки, ҳозирда тиббиёт муассасаларида ўткир респиратор вирусли инфекцияларни даволаш учун зарур ўрин-жой ва дори-дармон захиралари яратилган. Юртимиздаги эпидемик вазият мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
➡️ Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб тузилиб, унга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари, соҳа олимлари, тизим мутасаддилари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан оналик ва болаликни муҳофаза қилишга масъул мутахассислар жалб қилинган.
📎 Шу ўринда ота-оналарга касаллик белгилари кузатилган фарзандларини ўз вақтида оилавий шифокор кўригига олиб бориш тавсия этилади.
‼️Умуман, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор. Шу боис ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги

